Роғун ГЭС лойиҳасининг айрим жиҳатлари хусусида
Роғун ГЭС Вахш дарёсида қурилаётган гидроэлектростанция бўлиб, Вахш каскадининг юқори поғонаси ҳисобланади. ГЭСни “ЎртаОсиёгидролойиҳа” институти (Тошкент) лойиҳалаштирган, ҳозирги вақтда эса бу ишни Россиянинг “Гидролойиҳа” институти давом эттирмоқда.
Лойиҳага кўра, ушбу иншоот тўғонли ГЭС типидаги баланд (335 м) тош-ташламали тўғон ҳисобланади. Қурилиш ишлари якунлангач, Роғун дунёдаги энг баланд тўғонли ГЭС бўлади. Унинг қурилмалари таркибига маҳаллий материаллардан бунёд этилган баландлиги 335 метрли тош-ташламали тўғон, қурилиш ва эксплуатация тоннеллари, машина зали (узунлиги 220 м, эни 22 м, энг баланд жойи 78 м) ва трансформаторлар биносидан (200х20х40 м) иборат ерости ГЭС биноси киради.
ГЭСнинг лойиҳа қуввати – 3600 мВт, ўртача йиллик ишлаб чиқариш – 13,1 млрд. кВт/с ни ташкил этади. ГЭС биносида олтита қуввати 600 мВтдан иборат радиал-ўқли гидроагрегатлар ўрнатиш кўзда тутилган. Муҳандисларнинг мўлжалига кўра, ГЭС тўғони тўлиқ ҳажми 13,3 км2 ва фойдали ҳажми 10,3 км2 бўлган йирик Роғун сув омборини ҳосил қилиши керак. Сув омборидан ҳам энергетик, ҳам ирригацион мақсадларда фойдаланиш режалаштирилган. ГЭС қурилиши бир неча босқичларда амалга оширилади, биринчи ўринда ўртача йиллик ишлаб чиқариш 5 млрд. кВт/с бўлган ҳолда 400 мВтни ташкил этиши керак.
Дастлаб мутахассислар қурилишнинг умумий қийматини $2,2 млрд., биринчи босқич учун $590 млн. маблағ керак бўлади, деб баҳолаган эди.
ГЭС лойиҳаси юқори сейсмик, кўчки, сел жараёнлари ҳудудида жойлашгани, шунингдек, тўғон остида тоштуз билан тўлган Ионахш тектоник ёриғи мавжудлиги учун танқидга учрамоқда. Лойиҳачилар тўғон хавфсизлиги, хусусан, конструкциясининг зилзилабардошлилиги, тоштуз қатламининг ювилиб кетишидан ҳимоялаш учун эса махсус чоралар кўрилганини иддао қилмоқда. Шунингдек, ГЭС лойиҳаси Амударё оқимини кескин камайтириши мумкинлиги билан ҳам ҳам танқидга учрамоқда, чунки қурилиш якунланса, тўғоннинг Вахш дарёси суви билан тўлиши учун 7 йилдан 12 йилгача вақт керак бўлади. Бу – лойиҳа муаллифларининг маълумоти. Бошқача айтганда, ГЭС қурилиши нафақат Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган мамлакатларда сув ҳажми қисқариши ва сифати ёмонлашувига олиб келиши баробарида кучли зилзила рўй берганда Афғонистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудларининг бир қисмини сув босишига сабаб бўлади.
Маълумки, 2004 йилда Тожикистон ҳукумати билан “Русал” компанияси ўртасида ГЭС қурилишини якунига етказиш бўйича битим имзоланган эди. Россия алюминий компанияси лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини (ТИА) тайёрлашни маблағ билан таъминлади, ГЭС қурилиш майдонида бир қанча ишлар қилинди. Аммо томонлар лойиҳанинг қатор асосий жиҳатлари, хусусан, тўғон баландлиги, шунингдек, унинг типи (“Русал” 285 метрли бетон тўғон вариантини таклиф қилди) бўйича келиша олишмади ва 2007 йил сентябр ойида Тожикистон “Русал” билан келишувни расман бекор қилди. Станция қурилишини якунига етказиш бўйича ишлар 2008 йил июлидан бошлаб Тожикистон бюджети ҳисобидан амалга оширила бошлади.
Аммо қурилишни молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар тугамади. Хусусан, Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭС қурилишини тиклаш бўйича кенг кўламли ишларни бошлаш учун пул топиш мақсадида аҳолига унинг акцияларини сотиш бўйича йирик кампанияни бошлади. Кампания жараёнида аҳолига акцияларни мажбуран сотиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар кузатилди. ТР президенти Э.Раҳмон 2010 – Янги йил муносабати билан халққа йўллаган табригида бошқарув тузилмалари раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг ножўя хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ кўплаб ариза ва шикоятлардан хавотир билдирди ва ушбу иншоот акцияларини мажбуран сотишни қатьиян тақиқлаш ҳақида топшириқ берди.
Айрим маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 апрелига қадар $182 млн. 1 июнига қадар эса, $187 млн.лик акция сотилган. Айрим тожик экспертлари ва иқтисодчиларининг фикрича, ҳукумат аҳолидан Роғун лойиҳаси учун йиққан пулни рекорд даражадаги паст фоиз ставкасини (0,6%) таклиф қилаётган тожик банкларига жойлаштиришдан бош тортиш билан ўзини ноқулай аҳволга солиб қўймоқ. Айрим кузатувчилар тахминича, вазиятдан чиқишнинг ягона йўли Роғун ГЭСни хусусийлаштиришга хорижий банкларни жалб этиш эди, аммо ҳукумат бундан бош тортди, Тожикистон банклари ўртасида ўтказилган тендернинг учинчи босқичи норасмий якунларига кўра, бирорта ҳам банк бу ишга бош қўшишни истамаган.
Жорий йилнинг апрель ойида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) вакиллари ҳам Роғун ГЭС қурилиши учун маблағ йиғиш республиканинг макроиқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатишини айтди. Айрим маълумотларга кўра, ХВЖ Тожикистон ҳукумати олдига жуда кескин шартлар қўйиб, “агар ТР ҳукумати бу шартларни қабул қилмаса, ушбу мамлакатдаги йилига $200 млн.ни ташкил этувчи ЕИ, ЖБ ва ОТБ кўрсатаётган бюджет кўмагига ва ўзи кўрсатаётган тўлов баланси ёрдамига оид дастурларни тўхтатиб қўйишини” маълум қилди.
Бошқа бир муаммо жаҳон ҳамжамиятининг дастлаб Роғун ГЭС лойиҳасининг ТИАсини ишлаб чиқиш ва ижтимоий-экологик экспертиза ўтказиш талабидан иборат. «Барки точик» ОАХК электр энергияси сарфини камайтириш гуруҳи директори М.Аминовнинг айтишича, Роғун лойиҳасининг ТИА ва экологик экспертизасини ўтказиш учун ЖБ мутахассислари билан бирга яна еттита мустақил эксперт жалб этилади. Унинг сўзларига кўра, Тожикистон ҳукумати орасида геология соҳаси муҳандислари, йирик тўғонлар бўйича мутахассислар, экологлар, социологлар бўлган мустақил экспертларни жалб этади. ТР ҳукумати ва ЖБ ўртасида имзоланган Меморандумга кўра, агар экспертиза натижалари Тожикистон учун ижобий характерга эга бўлса, у ҳолда ЖБ Роғун гидроэлектрстанцияси қурилишини давом эттириш учун моливий воситалар жалб этишда кўмак беради.
Шундай қилиб, 2008-2009 йиллардаги энергетик инқирозни эътиборга олганда Роғун ГЭС қурилиши Тожикистон учун принципиал аҳамиятга эга. Шу боис, Тожикистон ҳукумати ушбу муаммо ҳал этилишига Роғун ва бошқа ГЭС лойиҳаларини мамлакат иқтисодий ривожланишида ва уни Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга электр энергияси етказиб беришда етакчига айлантирадиган ҳал қилувчи омил сифатида қарамоқда. Аммо экспертлар айрим йирик кўламли гидроэнергетик иншоотлар, хусусан, Роғун ГЭС қурилишига юзага келган ҳолатларни инобатга олган ҳолда шубҳа билдирмоқда.
Қаҳрамон Асронов, МСЖ эксперти








Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Владимир Путинга Россия Федерацияси президенти лавозимига киришиши,...
Бугун Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тожикистонга расмий...
Жорий йилнинг 16 май куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу ерга...